ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
АРХИВ ИШИ ВА ИШ ЮРИТИШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШНИНГ АЙРИМ МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатиш, ариза бериш ва уни кўриб чиқиш, маълумотномани ариза берувчига тақдим этиш тартибини назарда тутувчи Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ;
мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш, ариза бериш ва уни кўриб чиқиш, маълумотномани ариза берувчига тақдим этиш тартибини назарда тутувчи Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) электрон хизматларни жорий қилиш бўйича техник ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ўзархив» агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланаётган маъмурий регламентлар бўйича давлат хизматларининг ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;
давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимларнинг Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи ягона биллинг тизими орқали электрон тарзда тўланишини таъминласин.
4. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат архивлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш учун электрон маълумот алмашишни таъминловчи ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, давлат архивларининг ахборот тизимини жорий этишда талаб этиладиган моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун харажатлар «Ўзархив» агентлиги ҳузуридаги Архив ишини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат архивлари томонидан давлат хизматларининг белгиланган тартибда кўрсатилиши устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2012 й., 15-сон, 168-модда) 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги директори У.М. Юсупов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 23 сентябрь,
597-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 597-сон қарорига
1-ИЛОВА
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент жисмоний шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига (эри ёки хотини, фарзандлари, неваралари, ака-ука ва опа-сингиллари) (кейинги ўринларда — ариза берувчи) яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги давлат архивларида сақланаётган ташкилотлар бўйича ёзувларни тасдиқлаш юзасидан давлат хизмати (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали давлат архивлари томонидан кўрсатилади.
3. Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
4. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
5. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади.
6. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса — мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради. Ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома нусхаси илова қилинади.
7. Давлат хизматлари марказлари томонидан сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.
Давлат хизматлари марказлари ариза берувчи ўз ЭРИсини шу жойнинг ўзида олиши учун барча зарур шароитларни таъминлашга мажбур.
8. Сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзоларни идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқлаш хизматидан фойдаланиши мумкин.
9. Ариза берувчилар ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
10. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги 1 та ташкилотдаги ишга кирган ва ишдан бўшаганлиги бўйича ёзувларни тасдиқлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,08 баробари миқдорида йиғим ундирилади.
Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
11. Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат хизматини кўрсатган давлат архивининг ҳисобварағига ўтказилади.
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
11,25 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига;
қолган маблағлар — давлат хизматини кўрсатган давлат архивининг ҳисобварағига ўтказилади.
12. Ариза берувчи томонидан давлат хизматини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
13. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади. Бунда давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов суммаси қайтарилмайди.
14. Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этган тақдирда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида, ЯИДХП орқали мурожаат этганда, автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади.
15. Сўровномада сўралаётган ташкилотлар ҳужжатлари тегишли давлат архивида мавжуд бўлмаганда, сўровномани қабул қилган давлат архиви бир иш куни мобайнида тегишли маълумот сақланаётган давлат архивини аниқлайди (ташкилотлар ҳужжатлари бошқа архивда мавжуд бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно) ва сўровномани тегишлилиги бўйича давлат архивларига юборади.
Тегишли давлат архиви сўровнома тушган вақтдан бошлаб йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлашга оид маълумотномалар учун 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотномани шакллантиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) тегишли давлат хизматлари марказига ёки (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда ариза берувчига юборади. Бунда тўланган йиғим, агар мавжуд бўлса, банк хизмати тўловини айирган ҳолда, сўровномани қабул қилган архивдан сўровномани бажарган архивга ўтказилади.
Сўровнома архив ҳужжатлари асосида кўриб чиқилиб, тегишли маълумот аниқланмаган тақдирда, тўланган йиғим миқдори ариза берувчига қайтарилмайди.
16. Давлат хизматлари маркази маълумотнома тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра давлат хизматлари маркази унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.
3-боб. Якунловчи қоидалар
17. Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини доимий назорат қилади ҳамда мониторинг олиб боради.
19. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
20. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ
Босқичлар |
Субъектлар |
Тадбирлар |
Бажариш муддатлари |
|||
1-босқич |
Ариза берувчи |
Давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади. |
Хоҳишига кўра |
|||
2-босқич |
1. Давлат хизматлари маркази |
Сўровномани тўлдириб, тегишли давлат архивига юборади. |
1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин |
|||
2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали |
2. Автоматик тарзда |
|||||
3-босқич |
Давлат архивлари |
QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда тегишли давлат хизматлари марказига ёки (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади. |
20 иш кунида |
|||
4-босқич |
Давлат хизматлари маркази |
1. Маълумотномани ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. |
1. Маълумотнома тушгандан сўнг |
|||
2. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этади. |
2. Ариза берувчининг мурожаатига кўра |
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
____________________ (сана) |
____________________ (рақам) |
|||||||
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича архив маълумотномасини олиш учун СЎРОВНОМА |
||||||||
I. Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар: |
||||||||
1. Фамилияси (ўзгартирилган бўлса, ёзилиши керак): |
||||||||
2. Исми (ўзгартирилган бўлса, ёзилиши керак): |
||||||||
3. Отасининг исми (ўзгартирилган бўлса, ёзилиши керак): |
||||||||
4. Туғилган йили ва санаси: |
||||||||
5. Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзил: |
||||||||
6. Фарзандларининг туғилган йили ва санаси (бир неча нафар бўлса кетма-кетликда тўлдирилсин): |
||||||||
7. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами: |
||||||||
8. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): |
||||||||
9. Телефон рақами: |
||||||||
II. Илова қилинадиган ҳужжатлар: |
||||||||
10. Нотариал тасдиқланган ишончнома (агар учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилинаётган бўлса): |
||||||||
11. Ариза берувчининг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар: |
||||||||
Иш жойи, бўлинма номи ёки рақами ва лавозими (бўлинма номи ёки рақами агар мавжуд бўлса ) |
Ишга қабул қилинганлиги бўйича маълумот |
Меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги бўйича маълумот (йил, ой) |
Ишлаган ташкилотнинг юқори турувчи органи номи (агар мавжуд бўлса) |
Ташкилотнинг номи ўзгарганлиги тўғрисида маълумот (агар мавжуд бўлса) |
Ташкилот жойлашган ҳудуд (агар мавжуд бўлса) |
|||
Тахминий йил, ой |
Буйруқ рақами ва санаси (агар мавжуд бўлса) |
Тахминий йил, ой |
Буйруқ рақами ва санаси (агар мавжуд бўлса) |
|||||
Ушбу сўровномада келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайман. |
||||||||
______________________ (Ариза берувчининг имзоси) |
||||||||
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 597-сон қарорига
2-ИЛОВА
Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент жисмоний шахсларга (кейинги ўринларда — ариза берувчи) мулкий ҳуқуқлар, турар жойлар, алоҳида фактлар, воқеалар тўғрисидаги маълумотномани бериш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали давлат архивлари томонидан кўрсатилади.
3. Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
4. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
5. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиши учун давлат хизматлари марказига ўзи ёки унинг ишончли вакили келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади.
6. Ариза берувчи ўзи ёки ишончли вакили келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса – мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
7. Сўровномага:
ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда — ишончнома нусхаси;
ариза берувчи ворислик ҳақидаги гувоҳномага асосан меросхўр бўлганда — ворислик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, ариза берувчи қонуний вакил бўлса — уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
сўралаётган ҳужжатнинг нусхаси (агар мавжуд бўлса);
мазкур Регламентнинг 11-банди иккинчи хатбошисида белгиланган чегирмалардан (имтиёзлардан) фойдаланиш учун тегишли ҳужжатлар илова қилинади.
Ариза берувчи тақдим этган ҳужжатлар нусхалари давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан уларнинг асл нусхаларидан олиниши ёки ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, ҳужжатлар нусхаси ариза берувчи томонидан мустақил илова қилиниши лозим.
8. Давлат хизматлари марказлари томонидан сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.
Давлат хизматлари марказлари ариза берувчи ўз ЭРИсини шу жойнинг ўзида олиши учун барча зарур шароитларни таъминлашга мажбур.
9. Сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзоларни идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқлаш мумкин.
10. Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ягона идентификация тизими (One ID) орқали тасдиқлаш талаб этилади.
11. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ йиғим ундирилади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган ва (ёки) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга асословчи ҳужжатлар илова қилинган тақдирда, давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали давлат хизматини кўрсатишда мазкур давлат хизмати учун белгиланган йиғимлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади. Бунда мазкур шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун ёки юридик шахслар номидан мурожаат қилинганда чегирмалар қўлланилмайди.
Ариза берувчи давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этганда, йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Ариза берувчи томонидан давлат хизматини тезкор бажариш истаги билдирилса ва сўралаётган ҳужжатнинг аниқ маълумотлари кўрсатилган тақдирда (ҳужжат номи, ҳужжатнинг мазмуни, қайси орган томонидан қабул қилинган, санаси ва рақами), архивнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда икки иш кунида бажарилиб, мазкур Регламентга 3-иловада белгиланган нархларга 50 % қўшимча ҳақ ундирилади.
Агар давлат хизматини тезкор бажариш бўйича ариза берувчи томонидан кўрсатилган барча шартлар бажарилгандан сўнг масъул давлат архиви томонидан икки иш кунида давлат хизмати кўрсатилмаса, мазкур Регламентга 3-иловада белгиланган нархга тўланган 50 % қўшимча ҳақ 2 иш куни давомида масъул давлат архивининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қайтарилади.
12. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
қолган маблағлар — «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат хизматини кўрсатган давлат архивининг ҳисобварағига ўтказилади.
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
11,25 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;
қолган йиғимлар суммаси — давлат хизматини кўрсатган давлат архивининг ҳисобварағига ўтказилади.
13. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
14. Давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғим тўланмаганлиги давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизмати кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
15. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади.
Бунда давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим суммаси қайтарилмайди.
16. Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этган тақдирда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида, ЯИДХП орқали мурожаат этганда — автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади.
17. Сўровномада сўралаётган маълумотлар тегишли давлат архивида мавжуд бўлмаганда, сўровномани қабул қилган архив 2 иш куни мобайнида маълумот сақланаётган давлат архивини аниқлайди ва сўровномани тегишлилиги бўйича давлат архивларига юборади.
Тегишли давлат архиви сўровнома тушган вақтдан бошлаб мавзули сўровнома бўйича 20 иш кундан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотномани шакллантиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) тегишли давлат хизматлари марказига ёки (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади. Бунда тўланган йиғим, агар мавжуд бўлса, банк хизмати тўловини айирган ҳолда, сўровномани қабул қилган архивдан сўровномани бажарган архивга ўтказилади.
Сўровнома архив ҳужжатлари асосида кўриб чиқилиб, тегишли маълумот аниқланмаган тақдирда, тўланган йиғим миқдори ариза берувчига қайтарилмайди.
18. Давлат хизматлари маркази маълумотнома тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра давлат хизматлари маркази унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.
ЯИДХП орқали юборилган ариза бўйича маълумотнома, фойдаланувчининг шахсий кабинетига автоматик равишда тушади ва у бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилинади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
19. Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
20. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини доимий назорат қилади ҳамда мониторинг олиб боради.
21. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
22. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ
Босқичлар |
Субъектлар |
Тадбирлар |
Бажариш муддатлари |
|||
1-босқич |
Ариза берувчи |
Давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади. |
Хоҳишига кўра |
|||
2-босқич |
1. Давлат хизматлари маркази |
Сўровномани тўлдириб, тегишли давлат архивига юборади. |
1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқа ичида |
|||
2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали |
2. Автоматик тарзда |
|||||
3-босқич |
Давлат архивлари |
QR-код (матрик штрихли код) қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ЭРИ билан тасдиқлаган ҳолда тегишли давлат хизматлари марказига ёки (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади. |
20 иш кунида |
|||
4-босқич |
Давлат хизматлари маркази |
1. Маълумотномани ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. |
1. Маълумотнома тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида |
|||
2. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этади. |
2. Ариза берувчининг мурожаатига кўра |
Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
_______________________ (сана) |
_______________________ (рақам) |
||||
Мавзули сўровни ижро этиш бўйича архив маълумотномасини олиш учун СЎРОВНОМА |
|||||
I. Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар: |
|||||
1. Фамилияси (ўзгартирилган бўлса, ёзилиши керак): |
|||||
2. Исми (ўзгартирилган бўлса, ёзилиши керак): |
|||||
3. Отасининг исми (ўзгартирилган бўлса, ёзилиши керак): |
|||||
4. Туғилган йили ва санаси: |
|||||
5. Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзил: |
|||||
6. Паспорт ёки ID-карта серияси ва рақами: |
|||||
7. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): |
|||||
8. Телефон рақами: |
|||||
II. Илова қилинадиган ҳужжатлар: |
|||||
9. Ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда — ишончнома нусхаси |
|||||
10. Ариза берувчи ворислик ҳақидаги гувоҳномага асосан меросхўр бўлганда — ворислик ҳақидагигувоҳнома нусхаси, ариза берувчи қонуний вакил бўлса — уни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси |
|||||
11. Сўралаётган ҳужжатнинг нусхаси (агар мавжуд бўлса) |
|||||
12. Чегирмалардан (имтиёзлар) фойдаланиш учун тегишли ҳужжатлар нусхаси |
|||||
III. Мавзули сўров тури: |
|||||
13. Сўралаётган архив ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар: |
|||||
Ҳужжат номи |
Ҳужжатнинг мазмуни (батафсил кўрсатилиши лозим) |
Қайси орган томонидан қабул қилинган (имкон қадар) |
Санаси ва рақами (имкон қадар) |
Қўшимча маълумотлар (агар бўлса) |
|
Ушбу сўровномада келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайман. |
|||||
_________________________ (Ариза берувчининг имзоси) |
|||||
Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига
3-ИЛОВА
Мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатилганлиги учун
ЙИҒИМ МИҚДОРИ
Т/р |
Мавзули сўровлар тури |
Ўлчов бирлиги |
Йиғим миқдори |
1. |
Алоҳида фактлар, воқеалар, маълумотларни аниқлаш (тасдиқлаш) бўйича мавзули сўровларни бажариш |
1 маълумотнома |
Базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари |
2. |
Турар жойлар бўйича маълумотномалар тайёрлаш |
1 маълумотнома |
Базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари |
3. |
Мулкий ҳуқуқларни аниқлаш (тасдиқлаш) бўйича сўровларга архив ҳужжатидан нусха бериш (бир шахс учун) |
1 маълумотнома |
Базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари |
4. |
Эвакуацияни аниқлаш (тасдиқлаш) бўйича сўровларнинг архив маълумотномасини бериш |
1 маълумотнома |
Базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари |
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 597-сон қарорига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида» 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 1-илованинг 131-банди еттинчи хатбошисидаги «30 кундан» сўзлари «20 иш кунидан» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 4-илованинг 6-бандида:
учинчи хатбошига «меҳнат шартномалари» сўзларидан кейин «, шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар» сўзлари қўшилсин;
тўртинчи хатбошидаги «меҳнат шартномалари» сўзлари «фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 6-илованинг 20-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«20. Қуйидаги ҳолатлар вақтинча олиб чиқишга рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос бўлиши мумкин:
вақтинча олиб чиқилиши билдирилган архив ҳужжатларининг мулкдори аниқланмаслиги;
архив ҳужжатларига мулкдорлик ҳуқуқи тўғрисида низолар юзага келиши;
тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончсизлиги аниқланиши;
архив ҳужжатларининг қайтиб келмаслиги хавфи мавжудлиги;
рухсатнома берилганлиги учун ариза берувчи томонидан махсус йиғим тўланмаслиги.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини (ёки ишончсизлигини) аниқлаш «Ўзархив» агентлиги томонидан амалга оширилади.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг ёки маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқловчи қўшимча материаллар талаб қилиш, агар қонун ҳужжатларида бундай талаб белгиланмаган бўлса, тақиқланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.09.2021 й., 09/21/597/0903-сон)