Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 сентябрдаги 597-сон қарорига
1-ИЛОВА
Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент жисмоний шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига (эри ёки хотини, фарзандлари, неваралари, ака-ука ва опа-сингиллари) (кейинги ўринларда — ариза берувчи) яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги давлат архивларида сақланаётган ташкилотлар бўйича ёзувларни тасдиқлаш юзасидан давлат хизмати (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали давлат архивлари томонидан кўрсатилади.
3. Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
4. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
5. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади.
6. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса — мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради. Ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома нусхаси илова қилинади.
7. Давлат хизматлари марказлари томонидан сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.
Давлат хизматлари марказлари ариза берувчи ўз ЭРИсини шу жойнинг ўзида олиши учун барча зарур шароитларни таъминлашга мажбур.
8. Сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзоларни идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқлаш хизматидан фойдаланиши мумкин.
9. Ариза берувчилар ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
10. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги 1 та ташкилотдаги ишга кирган ва ишдан бўшаганлиги бўйича ёзувларни тасдиқлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,08 баробари миқдорида йиғим ундирилади.
Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
11. Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги тизимидаги давлат хизматини кўрсатган давлат архивининг ҳисобварағига ўтказилади.
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
11,25 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига;
қолган маблағлар — давлат хизматини кўрсатган давлат архивининг ҳисобварағига ўтказилади.
12. Ариза берувчи томонидан давлат хизматини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
13. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади. Бунда давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов суммаси қайтарилмайди.
14. Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этган тақдирда, унинг сўровномаси давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг 10 дақиқа мобайнида, ЯИДХП орқали мурожаат этганда, автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади.
15. Сўровномада сўралаётган ташкилотлар ҳужжатлари тегишли давлат архивида мавжуд бўлмаганда, сўровномани қабул қилган давлат архиви бир иш куни мобайнида тегишли маълумот сақланаётган давлат архивини аниқлайди (ташкилотлар ҳужжатлари бошқа архивда мавжуд бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно) ва сўровномани тегишлилиги бўйича давлат архивларига юборади.
Тегишли давлат архиви сўровнома тушган вақтдан бошлаб йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлашга оид маълумотномалар учун 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотномани шакллантиради ҳамда (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) тегишли давлат хизматлари марказига ёки (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда ариза берувчига юборади. Бунда тўланган йиғим, агар мавжуд бўлса, банк хизмати тўловини айирган ҳолда, сўровномани қабул қилган архивдан сўровномани бажарган архивга ўтказилади.
Сўровнома архив ҳужжатлари асосида кўриб чиқилиб, тегишли маълумот аниқланмаган тақдирда, тўланган йиғим миқдори ариза берувчига қайтарилмайди.
16. Давлат хизматлари маркази маълумотнома тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва уни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра давлат хизматлари маркази унга маълумотномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.
3-боб. Якунловчи қоидалар
17. Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини доимий назорат қилади ҳамда мониторинг олиб боради.
19. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
20. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.